Бухорода чиқиндиларни қайта ишлаш заводи ишга тушади
Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – 2016 йил охирига қадар Бухорода чиқиндиларни қайта ишлаш ва саралаш заводи ишга тушади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра, у Когон туманида жойлашади.
Бухоро шаҳридаги “Махсусавтохўжалик” масъулияти чекланган жамияти директори Ашур Аларовнинг сўзларига кўра, ҳозирда бу ерда тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳани режалаштиришда бир қанча давлатлар, шулар қаторида Испания ва Россиянинг ҳам технология борасидаги таклифлари ўрганиб чиқилди, аммо хитойлик шерикларнинг таклифлари мақсадга мувофиқ деб топилди.
Ҳозирда МЖЧда лизинг асосида 3 млрд сўмга харид қилинган 30та ихтисослаштирилган автомашина мавжуд, учта мултилифт ва нархи 1,21 млрд сўмлик 55 дона метал контейнерлар ҳам сотиб олинган. Кўпқаватли турар жойларга эга ҳудудлар марказида эса 80та махсус чиқинди йиғиш мажмуалари барпо этилган.
Ёқилғи-мойлаш материалларини тежаш мақсадида барча чиқинди йиғиш автомашиналари метан газига ўтказилган. Ундан ташқари, уларга ўрнатилган GPS тизими ҳар бир машинанинг ҳаракатини кузатиб бориш имконини беради, шунингдек, уларнинг қатъий жадвал асосида ишлашини таъминлайди.
$1= 3189,93 сўм