Бухорода “Ибн Сино ўқишлари” бўлиб ўтмоқда
Бухоро. 20 ноябр. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 20-21 ноябрида Бухорода “Ибн Сино ўқишлари” бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан хабар қилишларича, ушбу анъанавий илмий-амалий конференция жорий йилда 8-чи марта ўтказилмоқда.
2015 йилги “Ибн Сино ўқушлари”нинг мавзуси “Ибн Сино илмий мероси ва замонавий тиббиётнинг долзарб муаммолари”дир. Конференция Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ибн Сино жамоат фонди, ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий Комиссияси, Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамкорлигида ташкил этилган.
Анжуманда ўзбек олимлари билан бир қаторда, Швейцария, Украина, Франция, Исроил, Ҳиндистон, Туркия каби хориж давлатларидан ташриф буюрган шифокорлар ва ёш олимлар иштирок этмоқда.
Тадбир давомида кардиология, халқ табобати, жигар касалликларида трансплантация каби замонавий тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган маҳорат дарслари, семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш режалаштирилган.
“Ибн Сино ўқишлари”дан кўзланган асосий мақсад Ибн Сино илмий мероси асосида тиббиёт фани ютуқларини ўрганиш ва келажакда ушбу илмий меросни тиббиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда кенг татбиқ этишдан иборат.


