Бухорода машҳур исроил телевизион сериалларидан бирини суратга олиш ишлари бўлиб ўтди
Бухоро. 14 сентябр. ЎзТАГ – Бухорода машҳур исроил телевизион сериалларидан бири бўлган “Сен қаерда яшайсан” сериалининг бир неча қисмини суратга олиш ишлари бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Суратга олиш ишлари шаҳар маркази Лабиҳовуз, Калон минораси, Девонбеги мадрасаси, синагога ва яҳудийлар қабристонида ўтказилди. Сериал Бухоро яҳудийлари бир неча авлодининг ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Сюжетда авлодлар қарама-қаршилиги, романтик муносабатлар, оилавий илдизларни тушунишга уриниш кабилар акс этган. Фильм сюжетига кўра, унинг қахрамонлари ота-боболари истиқомат қилган замонавий Бухорога келадилар”, - деб хабар қилишди Исроил элчихонаси матбуот хизматида.
Элчихонадан таъкидлашларича, 100 мингдан ортиқ кишидан ташкил топган Исроилда яшаётган Бухоро яҳудийларининг катта жамоаси шаҳар ва мамлакат билан алоқани ҳеч қачон узмаган. Чунки бу шаҳарда юзлаб йиллар давомида яҳудийлар, мусулмонлар, насронийлар ва бошқа динлар вакиллари тинч-тотув ва иноқ яшаб келишган.
Сериал продюсери Цафрир Кочановскининг сўзларига кўра, Бухоро уни шунча мафтун этганки, энди у ўзбек киноижодкорлар билан бирга бу ерда бадиий фильм суратга олишни режалаштирмоқда.