Бухорода машинада тўғридан-тўғри аэропорт терминалига олиб бориб қўйиш мумкин

Дата: 09:22, 26-01-2018.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Эндиликда “Бухоро” халқаро аэропортида автотранспорт воситалари тўғридан-тўғри “Аэропорт 2” терминалининг вокзалолди майдонигача келишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотига кўра, аэропортда “Сайёҳларни жўнатиш ва уларга хизмат кўрсатиш маркази” Давлат унитар корхонасининг офиси очилди.

Автотранспорт воситаларининг кириши тўғрисидаги қарор ушбу ташкилотнинг машиналарига тааллуқли. Ушбу хизмат туристик ташкилотлардан олинган аризалар асосида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамизки, кейинги пайтларда Ўзбекистонда сайёҳлик хизматларини ривожлантириш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган йилнинг декабр ойида чет эллик сайёҳларнинг қулайлиги учун қўшимча чора-тадбирлар жорий қилинди. Жумладан, туристик визалар нархи учдан бирга қисқарди, уларни олиш муддатлари озайтирилди, сайёҳлик гуруҳлари аъзолари сонига талаблар икки баравар қисқартирилди.

Ушбу чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг консуллик йиғимлари тарифига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги ПҚ-3423-сонли фармонида кўзда тутилган.

Қабул қилинган ўзгартишлар билан хорижий фуқаролар учун 30 кунлик муддатга бериладиган ягона туристик визаларни жорий этиш назарда тутилмоқда.

Чет эллик якка сайёҳлар учун туристик визаларни расмийлаштириш нархи учдан бирга ($60дан $40гача) пасайтирилди.

Гуруҳли сайёҳлик визасини расмийлаштириш учун қуйи чегара (10 дан 5 кишига) икки марта туширилди.

$1=8163,93 сўм

Сурат манбаи: http://airport-bukhara.uz/?cat=39

Янгилик билан ўртоқлашиш: