“Бунёдкор” футбол мактаби тарбияланувчилари Қозоғистондаги халқаро турнирда ғолиб бўлишди

Дата: 15:46, 10-06-2014.

Тошкент. 10 июн. ЎзТАГ – Қозоғистоннинг Тараз вилоятида футбол мактаблари тарбияланувчилари орасида спорт устаси Антон Шох хотирасига бағишлаб ўтказилган халқаро турнир ниҳоясига етди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ярим финалда Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги “Бунёдкор” футбол мактабининг жамоаси волгограднинг “Ротор” жамоасини 3:1 ҳисобида енгди. Ўз навбатида, таразлик ёш футболчилар ярим финалда екатеринбургнинг “Урал” клубини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Финалга чиққан жамоалар ўртасидаги гуруҳ босқичидаги ўйинда ўзбекистонликлар 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган эдилар. Финалда эса ҳамюртларимиз “Монтажник” клубини 1:0 ҳисобида енгиб, бош совринни қўлга киритдилар”, - деб таъкидлашди “Бунёдкор” ФК матбуот хизматида.
Кубокдан ташқари, ўзбекистонлик ёш ўйинчилар бир неча шахсий совринларни ҳам қўлга киритдилар. “Энг яхши дарвозабон” соврини Жасур Умрзоқовга, “Энг яхши ҳимоячи” Ихтиёр Холдоровга, “Энг яхши тўпурар” Абдунозир Абдураҳмоновга топширилди. Абдунозир турнирда етти бор рақиблар дарвозасини ишғол қилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: