“Бунёдкор” Осиё чемпионлари лигасининг гуруҳ босқичига чиқди

Дата: 13:00, 10-02-2016.

Тошкент. 10 феврал. ЎзТАГ – “Бунёдкор” ФК ўз майдонида БАА “Ал-Шабоб” жамоасини 2:0 ҳисобида енгиб Осиё чемпионлари лигасининг гуруҳ босқичига чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистонликлар ўйин бошидаёқ олдинга чиқиб олдилар. Ўйиннинг иккинчи дақиқасида Элдор Шомуродов яқин масофадан рақиб дарвозасини нишонга олди – 1:0”, - деб таъкидлашди клубда.

Иккинчи голни ҳам 35-дақиқада Шомуродовнинг ўзи киритди.

Иккинчи таймда ҳисоб ўзгармади – 2:0.

“Йиғинлар мобайнида турли хил ўйин услубларини синаб олганмиз. Насимов ва Нурматов ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам яхши ўйин кўрсатишди. Бу каби муҳим ўйинларда, айниқса ҳисоб 2:0 бўлган паллаларда олдинга ўтиб кетиб, орқа чизиқни унутиб қўйиш керак эмас. Йигитларимиз рақибни зарба берадиган вазиятга чиқармасликлари керак эди ва буни жуда яхши уддаладилар. Ҳимоячиларимиз жуда ёш йигитлардан ташкил топган. Йилдан-йилга улар янада ўсади ва кучайиб боришади. Чемпионлар лигасида шунчаки иштирок этишдан наф йўқ. Бизнинг мақсадимиз – бош совринни қўлга киритиш. Биз ҳаракат қиламиз, аммо буни қанчалик уддалаймиз – вақт кўрсатади. Ўтган йили бизга омад етишмаганди. Умид қиламанки, бу йил яхши натижалар қайд этамиз”, - деди жамоа мураббийси Сергей Лущан.

Энди “Бунёдкор” В гуруҳида “Ал-Наср” (Саудия Арабистони), “Зобахан” (Эрон) ва “Лахвия” (Қатар) қарши ўйнайди.

Эслатиб ўтамизки, тошкентнинг “Пахтакор”, “Локомотив” ва қаршининг “Насаф” клублари ҳам ОЧЛ гуруҳ босқичига миллий чемпионат якунлари бўйича йўл олган эдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: