“Бунёдкор” устунликка эга, лекин биз ғалабага ўйнаймиз – Эрик Геретс
Тошкент. 17 феврал. ЎзТАГ – “Ал-Жазира” футбол клубининг бош мураббийси Эрик Геретс Осиё чемпионлар лигаси доирасида “Бунёдкор”га қарши бўладиган ўйин олдидан малака ўйини ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Бизни қизиқарли ва муракаб ўйин кутмоқда. Биз ижобий натижага эришишга ҳаракат қиламиз. Бизга омад кулиб боқишига умид қиламан. Биз рақибнинг Туркиядаги ўйинларини яхши ўргандик. Рақиб таркибида кимнидир ажратиб кўрсатишни истамайман. Кимнинг нимага қодирлигини биламиз”, – деб таъкидлади Э.Геретс.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги об-ҳаво ҳолатидан нолимайди. Об-ҳаво ҳар икки жамоа учун бир хил бўлади. “Плей-офф” босқичидаги битта ўйин “Бунёдкор” учун катта ютуқ. Албатта, ғолиб иккита ўйин натижасига кўра аниқланганида яхши бўларди. Регламентни ҳурмат қилишга мажбурмиз. Шу сабабли “Бунёдкор” устунликка эга. Лекин биз ҳам ғалабага ўйнаймиз”, – деб қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамизки, Тошкентда бугун бўлиб ўтадиган ўйин маҳаллий вақт билан соат 17.00да бошланади. Унга Алиреза Фиғоний бошлиқ эронлик ҳакамлар хизмат кўрсатади.