Бутун Тошкент вилояти бўйлаб видеокузатув тизими ўрнатилади

Дата: 14:10, 18-12-2015.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Бутун Тошкент вилояти бўйлаб – корхона, ташкилотлар, ижтимоий объектлар ва турар жойларда - видеокузатув тизими ўрнатилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Газета.уз нашри берган хабарга кўра, кўп қаватли уйларда видеокузатув камералари шахсий уй-жой эгалари биродарликлари маблағлари ҳамда банклар ажратадиган кредитлар ҳисобига ўрнатилади, хусусий шахсларга тегишли бўлган нотураржой объектларида камералар мулк эгалари ҳисобига ўрнатилади. Ижтимоий соҳа объектлари ва таълим муассасалари камералар билан ушбу муассасаларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига жиҳозланади.

Вилоят ИИБ ва шаҳар/туман ҳокимиятларига жиноят эҳтимоли юқори бўлган жойлар, шунингдек, одамлар тўпланадиган даҳалар ҳудудлари, кўчаларни видеокузатув билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш топширилганлиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, 2016 йилдан бошлаб умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари ва вилоятнинг бошқа барча бюджет ташкилотлари харажатлари сметасига қўриқлаш хизмати, шу билан бирга, қўриқлаш пунктлари билан боғланиш пультлари сарфлари киритилиши ҳам кўзда тутилган, дейилади хабарда.

Бундан олдин 2016 йил охирига қадар Тошкентнинг барча маҳалла, кўп қаватли мавзелари ва кўчаларида марказлашган видеокузатув тизимлари ўрнатилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: