Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 9-турида эркаклар дуранг ўйнаб, аёллар ғалаба қозонишди

Дата: 12:52, 13-09-2016.

Тошкент. 13 сентябр. ЎзТАГ – Бокуда бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 9-турида Ўзбекистон эркаклар термаси дуранг ўйнаб, аёллар термаси ғалаба қозонди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон эркаклар термаси Куба шахматчилари билан учрашдилар. Биринчи тахтадаги партия Домингес Леньер фойдасига якунланди, Жаҳонгир Воҳидов ва Антон Филиппов ўз партияларини дурангга тугатишди, Марат Жумаев тўртинчи тахтада ғалаба қозониб, якуний ҳисобни 2:2 айлантирди. Энди ўзбекистонликлар Германия термаси  билан беллашади, ҳар икки жамоада 11 очкодан бор, - дейилади “Сеҳрли шахмат” сайтидаги маълумотда.

Ўзбекистон аёлллар термаси ҳам шу куни яхши қатнашиб, Чех Республикаси устидан 3:1 ҳисобида ғалаб қозонгани ҳам таъкидланган. Сўнгги турда жамоа Голландия термаси билан учрашади.

Олимпиада якунига икки тур қолганда эркаклар термалари ўртасида АҚШ ва Украина 16 очко билан етакчилик қилмоқда. Россия термаси 15 очко жамғариб учинчи ўринда бормоқда (Зоннеборн-Бергер коэффициенти бўйича 290 балл). Грузия, Чехия ва Ҳиндистон термаларида 14 очкодан бор.

Аёллар орасида Хитой термаси ягона етакчи (16 очко). Польша термаси 15 очко, Украина, Россия, Ҳиндистон ва АҚШ термалари 14 очкодан йиғишган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: