Буюк Британия парламенти лордлар палатаси аъзоси Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди

Дата: 14:12, 20-10-2016.

Тошкент. 20 октябр. ЎзТАГ – Кеча, 19 октябрда Буюк Британия парламенти лордлар палатаси аъзоси, Британия Империяси ордени фахрий командори баронесса Вивьен Стерн Ўзбекистонга расмий ташриф билан келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Баронессанинг уч кунлик расмий ташрифи давомида Ўзбекистон ҳукумати ва парламенти вакиллари билан иккиёқлама учрашувлар ўтказади. Бундан ташқари, баронесса Стерн Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари миллий институтлари ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишланган халқаро анжуманда чиқиш қилиб, вазирлик ва Олий Мажлис сенатининг қатор вакиллари билан учрашади", - деб таъкидланади Буюк Британия элчихонаси хабарида.

Бундан ташқари, баронесса, жиноий одил судлов тизимини ислоҳ қилиш ҳамда қийноқлар олдини олиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида.

Баронесса Стерн 1999 йилдан буён Британия парламенти юқори палатаси, лордлар палатасининг мустақил аъзоси ҳисобланади. 2004 йилдан 2008 йилгача Парламент қўмитасининг инсон ҳуқуқлари бўйича аъзоси сифатида фаолият юритган. Бугунги кунда у ўлим жазосини бекор қилиш ҳақидаги парламент гуруҳи, шунингдек, Тожикистон бўйича парламент гуруҳига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: