Чагаевнинг Браун билан жанги ўтказилмаган деб тан олинди
Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ - WBA президенти Жилберто Хесус Мендоса ўта оғир вазндаги WBA чемпионлиги учун австралиялик Лукас Браун ва Руслан Чагаев ўртасидаги жанг якуни ўзгартирилиб, у ўтказилмаган деб тан олинишини маълум қилди. Бу ҳақида Sports.ru хабар бермоқда.
Натижада, Чагаевнинг мағлубиятлари сони 3 эмас, 2 тага айланади.
Эслатиб ўтамизки, WBA Лукас Браунни “доимий” чемпионлик мақомидан допинг текшируви унинг қонидан таъқиқланган кленбутерол моддаси топилганидан сўнг маҳрум қилган эди.
Кленбутерол – тиббиётда бронхиал астмани даволаш учун фойдаланиладиган модда. Кейини йилларда кленбутерол танадаги ёғларни куйдириш хусусияти туфайли бодибилдинг ва фитнесда ҳам қўлланилмоқда.
Ушбу дори воситаси спортда 1992 йилдан бери таъқиқланган. У допинг текширувида узоқ вақт давомида аниқланади. Бунга унинг ёш тўқималарида йиғилиши ва машқлар давомида юзага чиқиши сабаб.