Чакана савдо айланмасининг бешдан бир қисмидан кўпи Тошкентга тўғри келди

Дата: 14:54, 17-09-2018.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – 2018 йилнинг январ-августидаги чакана савдо айланмасининг бешдан бир қисмидан кўпи Тошкентга тўғри келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг маълумотлари гувоҳлик бермоқда.

Республика бўйича жорий йилнинг январ-август ойларида чакана савдо товар айланмаси 81249,1 млрд сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,6%га ўсди. Шу жумладан, йирик корхоналарнинг товар айланмаси 10564,3 млрд сўмни (ўсиш суръати 19,1%), кичик тадбиркорлик субъектларининг товар айланмаси 60194,7 млрд сўмни (ўсиш суръати 3,6%) ҳамда уюшмаган савдода товар айланмаси 10490,1 млрд сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3%га камайган) ташкил этди.

Ҳужжатга мувофиқ, чакана савдонинг энг кўп ҳажми Тошкент шаҳри (18296,4 млрд сўм), Тошкент (8583,9 млрд сўм) ва Фарғона вилоятларига (7099,4 млрд сўм) тўғри келди.

Самарқанд вилоятида чакана савдо айланмаси 6794,9 млрд сўмни, Андижон вилоятида – 6418,3 млрд сўмни, Қашқадарё вилоятида – 5577,2 млрд сўмни, Сурхандарё вилоятида – 5253,2 млрд сўмни, Бухоро вилоятида – 4999,2 млрд сўмни, Наманган вилоятида – 4963,7 млрд сўмни, Навоий вилоятида – 3259,1 млрд сўмни, Хоразм вилоятида – 3168,7 млрд сўмни ташкил қилди.

Чакана савдо айланмасининг энг кам ҳажмлари Жиззах вилояти (2759,8 млрд сўм), Қорақалпоғистон (2614,2 млрд сўм) ва Сирдарё вилоятига (1461,1 млрд сўм) тўғри келди.

 

Сурат манбаи: из https://3mv.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: