“Чех авиалиниялари” октябр охирида Ўзбекистонга учишларни тўхтатади

Дата: 17:42, 11-09-2014.

Тошкент. 11 сентябр. ЎзТАГ – “Czech Airlines” авиакомпанияси Ўзбекистондаги ваколатхонасини ёпмоқда ва октябрдан бошлаб мамлакатга учишларни тўхтатади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентслиги (ЎзТАГ).

“24 октябр куни Прагадан Тошкентга охирги авиарейс амалга оширилади”, - деди авиакомпания вакили.

Унинг сўзларига кўра, бунинг асосий сабаби талабнинг пастлиги ва учиш йўналишининг фойда келтирмаётганлигидир.

Эслатиб ўтамизки, “Чех авиалиниялари” Ўзбекистонга 2009 йилдан бери уча бошлаган эди. 2012 йилда эса компания Тошкентда ўз ваколатхонасини очди. Ҳозирда авиакомпания “Прага-Тошкент” маршрути бўйича А-319 аэробусида ҳафтасига 2 маротаба учишларни амалга оширмоқда.

Чех компанияси Ўзбекистон бозоридан кетишга қарор қилган сўнгги европа авиакомпанияси бўлади. Бундан олдин турли молиявий ва логистик сабаблар билан Lufthansa, AirBaltic ва бошқа авиакомпаниялар ҳам ушбу мамлакатга учишдан вос кечган эдилар.

Бугунда Ўзбекистонга Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Жанубий Корея ва Туркиянинг бир неча авиаташувчилари учишни амалга оширмоқдалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: