Чехия элчихонаси ўзбекистонликларни шенген визаси олиш тартиблари ўзгарганлиги ҳақида хабардор қилди

Дата: 22:06, 19-02-2015.

Тошкент. 19 феврал. ЎзТАГ – Чехия элчихонаси ўзбекистонликларни шенген визаси олиш тартиблари ўзгарганлиги ҳақида хабардор қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Чех Республикаси ташқи ишлар вазирлиги сайтида мавжуд.

Чехия элчихонаси маълумотларига кўра, қисқа муддатли (90 кунгача) шенген визаси олиш учун хужжат топшириш олдиндан ёзилишсиз амалга оширилади (жонли навбат тартибида). Бу ишни душанба, чоршанба ва пайшанба кунлари 9дан 12гача амалга ошириш мумкин.

Фавқулодда ҳолатларда (8 аризачидан ошиқ гуруҳларда) элчихона хужжатларни олдиндан топшириш муддати ҳақида келишиши мумкин.

90 кундан ошиқ, доимий яшаш визаси ёки қўшимча қолиш визаларини олиш учун аризачи албатта Visapoint тизимида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Бусиз хужжат топшириш, суҳбатдан ўтиш ва виза олиш хужжатларини кўриб чиқишни бошлаш мумкин эмас.

Маълумот ўрнида, Visapoint - Чех Республикаси ташқи ишлар вазирлигининг интернет-тизими бўлиб, у орқали хорижликлар виза олиш/зоқ муддатли яшаш визасига ариза топшириш учун рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Нафақат ариза берувчи, балки уни таклиф қилган томон ёки бошқа шахс ҳам рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу иш бепул амалга оширилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: