Чехия фуқароларининг Ўзбекистонга виза олиши осонлашди
Тошкент. 3 март. ЎзТАГ – 6 мартдан бошлаб Чехия фуқаролари Ўзбекистонга виза олишлари учун ушбу мамлакатдан олинган ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган таклифномани тақдим этишлари ёки туристик компания ваучерини илова қилишлари шарт эмас, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Эндиликда виза олиш учун ташрифдан кўзланган бизнес (савдо) ёки туристик мақсадни виза аризаси шаклида кўрсатишнинг ўзи кифоя қилади. Бир бож эвазига битта ёки бир неча ташриф учун виза очилади.
Бизнес виза кўпи билан бир йил муддатга, туристик виза эса бир ойга берилади. Аммо бунда рўйхатдан ўтиш ва меҳмонхонада яшаш шарт. Ташриф хусусий шахс таклифига кўра амалга оширилаётган бўлса, олдингидай, таклифномани тақдим этиш зарур бўлади.