Чехиядаги ўзбек диаспораси Миллий маданий марказ очишни режалаштирмоқда

Дата: 12:59, 14-07-2017.

Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – Чехиядаги ўзбек диаспораси болаларга ўзбек тилини ўргатиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун юртдошларимизни бирлаштирадиган Миллий маданий марказ очишни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Улар ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонасининг (консуллик округига Чехия Республикаси ҳам киради) 26 июн - 9 июл орасида Прага шаҳрида ватандошлар билан сайёр қабуллар ўтказган консуллик бўлими вакилларига мурожаат қилишди. 

“Учрашувларда 230дан зиёд Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди ҳамда консуллик ҳисобига қўйиш, болалар учун йўл ҳужжатларини тайёрлаш, фуқаролик ҳолати далолатномалари, вақтинча чиқиш ёки доимий яшаш рухсатномасини олиш ва фуқароликдан чиқиш тартибига доир масалалар юзасидан батафсил маълумот берилди”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабарида.

 Шунингдек, Прага шаҳрида вафот этган Ўзбекистон фуқароси жасадини ватанга юбориш ҳужжатларини расмийлаштириш билан боғлиқ масалалар ҳал қилинди.

Норасмий маълумотларга кўра ҳозирги пайтда Чехияда турли сабабларга асосан кўп сонли Ўзбекистон фуқаролари ва ватандошларимиз яшайдилар.

“Шу муносабат билан бир гуруҳ ватандошларимиз Чехияда болаларга ўзбек тилини ўргатиш, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун юртдошларимизни бирлаштирадиган Миллий маданий марказ очишга кўмак беришнини сўраб мурожаат қилди. Ташаббускорларга тушунтирилдики, ташкилий масалалар Чехия Республикасининг амалдаги қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда ҳал этилиши лозим. Элчихона давлатимиз раҳбарининг Фармони билан ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорлик ўрнатишга ёрдам беради”, - дейилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: