Чехиялик мусиқачилар Ўзбекистонни чех миллий чолғу асбоби билан таништирдилар

Дата: 15:59, 04-10-2017.

Тошкент. 4 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда чех миллий чолғу асбоби – сибизға (волинка) мусиқасини ишро этувчи Бэдрник (Bedrník) чех мусиқий гуруҳи концерт берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Етти кишидан иборат гуруҳ Тошкентдаги Чехия элчихонаси таклифига биноан 21 сентябрдан 2 октябрга қадар мамлакатда бўлди. Жири Летовскининг раҳбарлиги остидаги ушбу фольклор гуруҳи 2008-йил май ойида ташкил этилган бўлиб, аслида бошқа номлар остида бундан олдин ҳам мавжуд бўлган.

Bedrník ансамбли жанубий Чехиянинг, айнан Доудлебска вилоятининг анъанавий фольклор мусиқасини ижро этади ва тарғиб қилади. Ушбу халқ гуруҳининг инструментал таркиби жанубий Чехия учун типик бўлиб, волинка, кларнет, скрипка, контрабас ва возембоух номли халқ ритмик асбобидан фойдаланади.

Ансамбль халқ мусиқаси билан боғлиқ турли тадбирларда иштирок қилиб, Чехия Республикасини бошқа давлатларда ҳам тақдим этади. Мусиқачилар Европа, Африка мамлакатлари, Россияда чиқишлар қилишган.

Элчихона нафақат Тошкентда, балки Ўзбекистон вилоятларида ҳам гуруҳнинг мусиқий чиқишларини ташкил қилди. Гуруҳ Бухорода ҳунармандчилик фестивали доирасида Лаби-Ҳовуз саҳнасида концерт берди, шунингдек, Санъат коллежига ташриф буюрди.

Самарқандда маҳаллий санъат коллежининг ўқитувчилари ва талабалари учун концерт берилди. Гуруҳ 28 сентябрда Тошкент шаҳрида чех давлат байрами - Чехия давлати куни муносабати билан тадбирда чиқиш қилди.

Кейин элчихона Ўзбекистон Давлат консерваториясида кенг жамоатчилик ва Консерваториянинг талабалари ва ўқитувчилари учун концерт ташкил этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: