Чехиянинг бирйўла беш компанияси Андижон вилоятига сармоя киритишга тайёр

Дата: 17:29, 30-01-2018.

Тошкент. 30 январ. ЎзТАГ – Чехиянинг бирйўла беш компанияси Андижон вилоятига сармоя киритишга тайёр, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) вилоят ҳокимияти матбуот хизматига таянган ҳолда.

29 январ куни вилояти ҳокими Шухратбек Абдураҳмонов Чехиянинг Ўзбекистондаги элчиси Ярослав Сиро ҳамда бир қатор компаниялар вакилларидан иборат делегацияни қабул қилди.

Учрашувда Чехиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Юрай Мелиаросса ва қатор чех ширкатлари вакиллари иштирок этдилар.

Учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва ўсимлик чиқиндилари ҳамда биомассаларни қайта ишловчи технологияларни ишлаб чиқарувчи “Про Пелети” компанияси, чиқиндилар орқали аҳоли учун иситиш тизимлари технологияларини ишлаб чиқарувчи “Смарт Хитинг” компанияси, биогаз қурилмалар орқали электроэнергия ва иссиқлик тизимлар ишлаб чиқарувчи “Тедом” компанияси, мини-ГEСлар ишлаб чиқарувчи “Хидрохром” компанияси ва оқава сувларни тозалаш мосламаларини ишлаб чиқарувчи “Топо Вотер” компаниялари вакиллари қатнашдилар.

Европа ширкатлари вакиллари Андижонга сармоя киритиш, ушбу соҳаларни ривожлантириш, янги ишчи ўринлар яратишга тайёрлигини билдирдилар.

 

Сурат манбаи: http://www.asia-travel.uz/uzbekistan/cities/fergana-valley/andijan/

Янгилик билан ўртоқлашиш: