Чимкентдаги биринчи Минтақавий ҳамкорлик форумида Ўзбекистондан 200 киши иштирок этади

Дата: 12:05, 15-11-2018.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида Чимкентдаги биринчи Минтақавий ҳамкорлик форумида Ўзбекистондан 200 киши иштирок этади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018 йил 15 ноябрда Чимкент шаҳрида Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида биринчи Минтақалараро ҳамкорлик форуми бўлиб ўтади. Форум ишида Ўзбекистон томонидан 200 киши – вазирлик, идоралар, вилоятлар раҳбарлари, ташкилотлар, компаниялар ва хусусий бизнес доиралари вакиллари иштирок этадилар. Форум ишбилармонлар кенгашининг “Чегараолди вилоятларда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик истиқболлари” мавзусидаги мажлисдан бошланади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг Ахборот хизматининг хабарида.

Форум доирасида “Марказий Осиёдаги Буюк Ипак Йўли йўлаклари. Туризмни ривожлантиришнинг замонавий босқичлари”, “Янги имкониятлар йўлида умумий қараш”, “Саноат, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари”, “Агросаноат комплекси соҳасида ҳамкорлик истиқболлари ва сувдан фойдаланишнинг самарали усулларини жорий этиш” мавзуларидаги тўртта сесиялар ўтказилади.

“Бундан ташқари, чегара ҳудудлари ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Алоқалар биржаси ўтказиш режалаштирилган, унда кўплаб савдо-иқтисодий ва сармоявий битимлар имзоланиши кутилмоқда. Шу куннинг ўзида Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси, шунингдек, Ўзбекистон миллий таомлари фестивали ҳам бўлиб ўтади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

Сурат манбаи: ticketon.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: