“Чимён” МДҲнинг ТОП-10 энг зўр тоғ-чанғи курортлари сирасига кирди
Тошкент. 18 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистондаги “Чимён” тоғ-чанғи курорти россия туристлари орасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) ТОП-10 энг зўр тоғ-чанғи курортлари сирасига кирди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу рейтинг сайёҳларга мўлжалланган Travel.ru портали томонидан тузилган.
Бир кишининг дам олиш харажатларига қуйидагилар кирди: чиқиш йўлидан 15 кмгача бўлган масофадаги 2-3 юлдузли меҳмонхонада ёки мини-отелда туриш, меҳмонхона яқинидаги кафеда кечки овқат ва кун давомида арқонли йўлдан фойдаланиш ҳаражатлари.
Рейтингга мувофиқ, “Чимён” кунлик $51 бюджет билан 4-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларда “Славское” (5, Украина, $53), “Олтой Альплари” (6, Қозоғистон, $81), “Бакуриани” (7, Грузия, $83), “Буковель” (8, Украина, $83), “Гудаури” (9, Грузия, $88) бормоқда. 10-таликнинг сўнгида қозоғистоннинг “Чимбулоқ” маскани турибди. Бу ер Собиқ Иттифоқ тоғ курортлари орасида Travel.ru ўрганилган энг қиммат курорт бўлиб чиқди (кунлик бюджет $94).
Уч етакчилар орасида “Қоракўл” (1, Қирғизистон), “Логойск” (2, Беларусия) ва “Цахкадзор” (3, Арманистон) курортлари бор.
Эслатиб ўтамизки, “Чимён” Тошкентдан 80 км олисда жойлашган. У Тян-Шан ён бағридаги Чимён тоғларида жойлашган таниқли дам олиш масканидир. Чимён водийси денгиз сатҳидан 1,2-1,6 минг метр баландликда жойлашган ва ҳар томондан тоғлар билан ўралган. Водий устида эса Катта Чимён тоғи жойлашган (3,309 минг метр).