Чирчиқни ривожлантиришга 700 млрд сўмдан зиёд ажратилади

Дата: 16:42, 14-06-2018.

Тошкент. 14 июн. ЎзТАГ – Чирчиқни ривожлантиришга 700 млрд сўмдан зиёд ажратилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 июндаги “2018-2019 йилларда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, Чирчиқ шаҳрида 10 та янги саноат объектларини ташкил этиш ва мавжуд 12 тасини кенгайтириш режалаштирилмоқда. Ўз навбатида, хизматлар ва сервис соҳасида 29 янги лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар шаҳарда қўшимча 1300дан зиёд иш ўринларини яратиш имконини беради.

Қарорга кўра, шаҳарнинг инфратузилмаси ва коммунал хизматлари яхшиланади. 186 кўпхонадонли уйлар бунёд этилади, 12,6 км ички йўллар, 136 газ тақсимлаш станциялари, 8,1 км сув ва 5,7 км канализация тармоқлари қурилади ва таъмирланади.

Бундан ташқари, Чирчиқда тўртта болалар боғчаларини капитал таъмирлаш, 2 янги мактаб қуриш ва мавжуд 8 мактаб ва 2 поликлиникани, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия университети талабалари учун 1200 ўринли ётоқхонасини таъмирлаш режалаштирилган.

Бунинг учун 700 млрд 709 миллион сўм ажратилади.

Сурат манбаи: https://nuz.uz/obschestvo/25210-institut-fizkultury-pereezzhaet-v-chirchik-i-otkryvaet-zaochnoe-otdelenie.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: