Чирчиқ шаҳрида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди
Тошкент. 1 июнь. ЎзТАГ – Чирчиқ шаҳрида шартли жангарилар ҳужумини қайтариш бўйича махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидан бирида яқинда "Корхона маъмурияти ва фуқаро муҳофазаси кучларининг табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шунингдек, террористик ва ёнғин хавфи содир бўлганда ҳаракатлари" мавзусида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди”, - дейилади Мудофаа вазирлигининг матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, тасдиқланган режага мувофиқ, бир ҳафта мобайнида ҳарбий қисмнинг офицерлари билан ушбу машғулотларга тайёргарлик кўриш бўйича қўмондонлик-штаб-ўқув машғулотлари ўтказилди. Ўқув машқларининг сценарийси тадбир учун тайёрланган хариталарга қўлланилди. Тактик-махсус машғулотлар икки босқичда ўтказилди.
"Ўқув машқи режасига кўра, енгил автомобилда бир гуруҳ шартли жангарилар Тошкент-Сиджак автомобил йўлида жойлашган кўприкка ҳужум уюштирдилар. Ҳужум кўприкни қўриқлаётган ҳарбий хизматчилар томонидан қайтарилиб, шартли душманга талофат етказилади", - дейилади хабарда.
Машқлари давомида барча ўқув саволлар амалда бажарилган. Ҳарбий хизматчилар зарур кўникмаларга эга бўлишди, ўқув жангида бўлинмалар командирлари бошқариш услубини такомиллаштирди, хабарда умумлаштирилди.
Сурат манбаи: mudofaa.uz