CONTACT тизими пул ўтказмаларини UZCARD карталарига жўнатиш хизматини жорий қилди

Дата: 16:40, 27-11-2017.

Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ –    CONTACT тўлов тизими  билан мижозлар пул ўтказмаларини юбориши мумкин бўлган карталар рўйхатини кенгайтирди ва унга UZCARD банклараро тўлов тизимини ҳам қўшди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Пул ўтказмаларини UZCARD карталарига ҳисоб рақамининг реквизитларисиз, карта эгасининг исми, фамилияси, шарифи ва бошқа қўшимча ахборотлар талаб қилинмаган ҳолатда, фақат картанинг юз қисмидаги рақамларни кўрсатган ҳолда Россия ёки яқин хориж мамлакатларидаги исталган CONTACT тизими нуқталаридан жўнатиш мумкин. 

UZCARD компанияси маълумотларига кўра, ўтказмалар АҚШ долларида амалга оширилади ва банклардан ҳам шу тартибда олинади.  Жўнатма  UZCARD картасига эмитент банкка боғлиқ ҳолда 1 дақиқадан бир неча дақиқагача бўлган вақтда келиб тушади.

Ҳозирги кунда республикадаги 29 та банк, жумладан, бутун мамлакатда ишловчи Миллий банк UZCARD карталари эмитентлари ҳисобланади.

Тизимлар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоб ишларини  Россиянинг кредит ташкилоти- "Азия-Инвест Банк" акционерлик тижорат банки  амалга оширади.

Айни вақтда CONTACT Хитойнинг миллий тўлов тизими China Union Pay, Қирғизистоннинг миллий “Элкарт” тўлов тизими, Приднестровье Молдова Республикасининг миллий “Приднестровье” тўлов тизими  ва Молдованинг “Радуга”  тизимлари билан халқаро пул ўтказмалари бўйича лойиҳалар устида ишламоқда.  

Эслатиб ўтамизки, Uzcard – Ўзбекистоннинг миллий тўлов тизими бўлиб, унинг томонидан микропроцессор пластик карточкалар чиқарилган. Бугунда ушбу тўлов тизимига 27 тижорат банклари уланган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: