Дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилари Ўзбекистон Инновация марказининг резидентлари бўлишлари мумкин

Дата: 16:54, 27-10-2017.

Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ – “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши IT-компанияларнинг марказ резиденти мақомини олиш имкониятларини кенгайтирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Инновация марказининг Мувофиқлаштирувчи кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга асосан, эндиликда “Дастурий таъминот чиқариш” йўналиши бўйича ишлайдиган, компьютер ўйинлари ва бошқа дастурий таъминотларни ишлаб чиқарувчилар ҳам юридик шахслар ҳам Инновация марказининг резиденти мақомини олишлари мумкин.

Олдин фақат “Компьютер дастури, маслаҳат ва бошқа шу турдаги хизматлар” ҳамда “Wеб-порталлар, маълумотларни қайта ишлаш ва жойлаштириш бўйича хизматлар” йўналиши бўйича ишлайдиган юридик шахслар Инновация марказининг резиденти мақомини олишлари мумкин эди.

Эслатиб ўтамизки, “Mirzo Ulugbek Innovation Center” Инновация маркази Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан ташкил этилган.

Марказ резидентларга қулайлик яратиш мақсадида, экстротерриториаллик тамойиллари асосида фаолият юритади, бунда марказ резидентлари Ўзбекистоннинг исталган бурчагида жойлашиб, рўйхатдан ўтиб фаолият юритишлари мумкин бўлади. Марказнинг ишлаш муддати – 10 йил, мазкур муддат узайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Президентининг Фармонига асосан Инновация маркази резидентларига қатор имтиёз ва преференсиялар тақдим этилган. Жумладан, 2028 йил 1 январгача бўлган муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек ягона ижтимоий тўловни тўлашдан озод этилган. Шунингдек, 7,5%ли ставка бўйича жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиққа тортилади, 4,5%ли ставка бўйича Пенсия жамғармасига киритадиган суғурта бадалларига тортилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: