Давлат дастури доирасида 70,5 мингдан ошиқ ветеранлар тиббий кўрикдан ўтказилди
Тошкент. 6 октябр. ЎзТАГ – Ўтган 9 ойда Ўзбекистонда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида 70563 уруш ва меҳнат фронти ветеранлари тиббий кўрикдан ўтказилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Соғлиқни-сақлаш вазирлигидан маълум қилишларича, тиббий кўриклар натижасида 35367 нафар бемор амбулатор шароитда, 6340 нафари стационарда, 22512 нафари уйдаги стационарда соғломлаштирилди, 6344 нафар уруш фахрийларига санаторияларга тавсия берилди.
Республика ихтисослаштирилган ва илмий-амалий марказлари, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув муассасалари клиникаларининг тажрибали мутахассислари иштирокида 97 та маҳорат дарслари ўтказилиб, 5910 нафар кексаларга юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 400 та кўргазмали мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди, 14217 нафар кексаларга вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.


