Давлат фермер ва деҳқонлардан 4 млн тонна мева ва сабзовотлар сотиб олади

Дата: 17:53, 19-04-2016.

Тошкент. 19 апрел.ЎзТАГ – Жорий йилда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси 4,077 млн тоннани ташкил этади, бунинг 2,545 млн тоннаси фермер хўжаликларидан, 1,532 млн тоннаси дҳқон хўжаликларидан сотиб олинади, деб хабар қилади Газета.uz нашри.

Бу Ўзбекистон Президентининг 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган. Қарорни тўлиқ матни билан Lex.uz сайтида танишиш мумкин.

Маълумки, ушбу қарор билан 2016 йил ҳосилидан бошлаб ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум харид қилиш бўйича давлат буюртмаси жорий этилган эди. Мақсад – мамлакатда ҳўл мева-сабзавот, картошка, полиз маҳсулотлари ва узум етиштириш ва харид қилиш бўйича ягона тизимни жорий этишдан иборат.

Жорий йилда сабзовотлар 2,317 млн тоннани, мева-чевалар 830 минг тоннани, узум — 545 минг, полиз маҳсулотлари 283 минг тоннани, картошка 102 минг тоннани ташкил қилади. Йил бошида ортиб қолган маҳсулотларни ҳисобга олган ҳолда, уларнинг умумий миқдори 4,532 млн тоннага етади.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўтган йили мамлакатда 10,128 млн тонна сабзавот, 2,746 млн тонна мева резавор, 2,696 млн тонна картошка, 1,853 млн тонна полиз маҳсулотлари ва 1,579 млн тонна узум ҳосили етиштирилган. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: