Давлат инспекцияси UNITEL ва COSCOMни “қўпол ва кўп маротаба” қоидабузилишларда айблади
Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси UNITEL МЧЖ ва COSCOM МЧЖ мобиль операторларини радиоэлектрон воситалар ва радиочастота спектридан фойдаланиш тартибларини “қўпол ва кўп маротаба” бузишда айблади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Улар 2017 йилнинг май ва июн ойиларида ўтказилган радиомониторинг натижалари бўйича аниқланган.
“Хусусан, Unitel МЧЖ Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида эксплуатацияга қабул қилиб олиш актини расмийлаштирмаган ҳолда ҳамда радиоэлектрон воситалар ва радиочастотлардан техник фойдаланиш учун тегишли рухсатномаларсиз база станциялари ва радиорелели линияларни ноқонуний тарзда ишлатган ва улардан тижорат мақсадларида ноқонуний фойдаланган. Ўз навбатида, Coscom МЧЖ ХК ҳам Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида эксплуатацияга қабул қилиб олиш актини расмийлаштирмаган ҳолда ҳамда радиоэлектрон воситалар ва радиочастотлардан техник фойдаланиш учун тегишли рухсатномаларсиз база станциялари ва радиорелели линияларни ноқонуний тарзда ишлатган ва улардан тижорат мақсадларида фойдалангани аниқланган”, - дейилади инспекция матбуот маркази хабарида.
Инспекция томонидан берилган кўрсатмалар бажарилмаган тақдирда лицензия амал қилиши борасида тегишли чоралар кўрилиши ҳам таъкидлаб ўтилган.