Давлат рақобат қўмитаси Uzpaynetни ўз тарифларини қайта кўриб чиқишга мажбур қилди

Дата: 16:20, 04-05-2016.

Тошкент. 4 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси электрон тўловлар бўйича энг йирик маҳаллий оператор – UzPaynet МЧЖ ҚКнинг операторлар – ўз хизматлари учун тўлов қабул қилувчилар учун қўлланиладиган тарифларини ўрганиб чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўрганиш натижасида операторларнинг баъзи тоифаларига нисбатан тарифлар қўллашда дискриминацион шартлардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Хусусан, ўрганиш мобил алоқа, шаҳар телефон алоқаси ва коммунал хизматлар бўйича тўлов қабул қилишда ушлаб қолинадиган пул миқдори тўлов суммасининг 4,5%дан ошмаслигини кўрсатди. Шу билан бирга, интернет хизматлари ва бошқа хизматлар учун тўлов қабул қилишда ушлаб қолинадиган пул миқдори эса ўртача 10% ташкил қилиб, 4,5%-15%  атрофида”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитасида.

Қўмита UzPaynet МЧЖ ҚКга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг бузилиши белгилари бўйича иш қўзғади ва унга рақобат ҳақидаги қонунчилик талабларини бузишни тўхтатиш ва йўл қўймаслик ҳақида топшириқ берди.

Компания аҳолидан тўлоқлар қабул қилиш бўйича тарифларни қайта кўриб чиқишга мажбур қилинди. Натижада ширкат коммунал хизматлар операторларига (газ, электроэнергия, ичимлик суви, иситиш ва иссиқ сув таъминоти) 2% ҳамда бошқа барча операторларга 4,5% (мобил алоқа, интернет, телефония) ҳажмида ягона тариф белгилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: