Давлат рақобат қўмитаси ўзбек бозорида шакар тақчиллиги юзага келмаслиги учун қатор чораларни амалга оширмоқда

Дата: 11:46, 16-05-2016.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси мавсум олди шакар маҳсулоти тақчиллигини юзага келмаслиги учун қатор чораларни амалга оширмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Хусусан, шакар ишлаб чиқарувчи “Хоразм шакар” ва “Ангрен шакар” компаниялари билан биргаликда чоралар кўрилмоқда. Натижада жорий йилнинг январ-апрел ойларида шакар ишлаб чиқариш ҳажмининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиши 18,6% ташкил қилди”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитасида.

 Бундан ташқари, 2016 йилнинг май-август ойларида ҳар ой учун ўртача биржа савдоларига шакар маҳсулотлари ўтган апрель ойига нисбатан 1,6 марта кўпроқ ҳажмда қўйилиши режалаштирилган.

Бугунги кунда республика бўйлаб 1 кг шакарнинг улгуржи нархи 3,2 минг сўмни ташкил қилади, савдолар деҳқон бозорларидаги махсус савдо нуқталарида амалга оширилмоқда. Шунингдек, йирик супермаркет ва деҳқон бозорларида истеъмолчиларга қулай бўлиши учун 1 кг, 2 кг ва 5 кг қадоқланган ҳолда шакар савдоси ташкил қилинган бўлиб, уларнинг чакана нархи 1 кг учун 3,7 минг сўмга тенг.

Давлат рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари доимий равишда шакар тақчиллиги ва нархининг ошиши юз бермаслиги учун доимий кузатув олиб бормоқдалар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: