Давлат рақобат қўмитаси Ўзбекистон вилоятларида Korzinka.uz брендидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйди
Тошкент. 9 август. ЎзТАГ – Давлат рақобат қўмитаси Ўзбекистон вилоятларида Korzinka.uz брендидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига чек қўйди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ушбу товар белгиси (Korzinka, Korzinka.uz, Корзинка) “Anglesey food” шўъба корхонаси томонидан Интеллектуал мулк агентлигида рўйхатга олинган бўлиб, унинг интеллектуал мулки ҳисобланади. Ҳуқуқ эгаси Давлат рақобат қўмитасига мурожаат қилиб, унда унга тегишли бўлган товар белгисидан рухсатсиз фойдаланилаётганлиги кўрсатди”, - дейилади сешанба куни тарқатилган хабарда.
Таъкидланишича, ўрганиш давомида якка тадбиркор “Madaminov Z” томонидан Қўқон шаҳри, Хувайда кўчаси, 30 манзилда жойлашган савдо дўконида “Корзинка” товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида бир хил бўлган товар белгилар остида савдо фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Шунга ўхшаш юқоридаги товар белгисига нисбатан бўлган хуқуқнинг бузилиши Наманган шаҳрида “IBRATOMUZ QURILISH” хусусий фирмаси ва “SPEKTRSANOATSAVDO” МЧЖ томонидан, шунингдек Қўқон шаҳрида хусусий тадбиркор “Мадаминова Паридахон” томонидан амалга оширилгани маълум бўлди.
Давлат рақобат қўмитаси томонидан тегишли ишларнинг амалга оширилиши натижасида қонунбузарлик ҳолатига чек қўйилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги қонуни 13-моддасига мувофиқ юридик шахснинг интеллектуал фаолияти натижаларидан ва уларга тенглаштирилган индивидуаллаштириш воситаларидан, товарни индивидуаллаштириш воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланган ҳолда товарни реализация қилиш инсофсиз рақобат ҳисобланади ва қонун билан таъқиқланади.


