Давлат Статистика қўмитаси Ўзбекистон молия тармоғи ҳақида тўплам чиқарди

Дата: 16:49, 10-12-2015.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Давлат Статистика қўмитаси томонидан “Ўзбекистон молияси” статистик тўплами нашрдан чиқарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Қўмитадан хабар қилишларича, тўпламда Ўзбекистон Республикаси корхона ва ташкилотларининг молия-хўжалик фаолияти, суғурта ташкилотлари фаолияти ва тижорат банклари фаолиятини тавсифловчи статистик маълумотлар келтирилган.

Тўпламда ҳудудлар кесимида тузилган шартномалар бўйича суғурта суммаси, суғуртанинг алоҳида турлари бўйича суғурта мукофотлари ва тўловлари тўғрисида, тижорат банклари даромадлари ва харажатлари, жисмоний шахсларнинг депозитлари тўғрисида, иқтисодиёт тармоқларида фойданинг шаклланиши , иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар бўйича корхоналарнинг (ташкилот) молиявий натижалари тўғрисида, ҳудудлар кесимида дебитор ва кредитор қарздорлик тўғрисида маълумотлар мавжуд.

Шунингдек, тўпламда иқтисодиёт ва саноат тармоқлари рентабеллиги, иқтисодиёт тармоқларида асосий воситалар ҳолати ва айланма маблағлар таркиби, иқтисодиёт тармоқлари бўйича пул маблағлари тушуми ва сарфланиши, иқтисодиёт тармоқларида узоқ муддатли ва жорий активлар, ўз маблағлари манбалари ва мажбуриятлар, иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш ҳаражатлари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган.

Бундан ташқари, мазкур тўпламда давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг таркиби тўғрисида маълумотлар бор.

Янгилик билан ўртоқлашиш: