Декабр бошида Тошкентда Мозори-Шарифдан Қобул орқали Пешоваргача темир йўлини қуриш муҳокама қилинади

Дата: 09:58, 29-11-2018.

Тошкент. 29 ноябр. ЎзТАГ – 3-4 декабрда Тошкентда Мозори-Шарифдан Қобул (Афғонистон) орқали Пешоваргача (Покистон) темир йўлини қуриш муҳокама қилинади , деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг маълумот беришича, 28-ноябр куни Женева шаҳрида (Швейцария) Афғонистон бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири А. Камилов бошчилигидаги делегация иштирок этди.

А. Камилов бугунги кунда Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланиши, унинг минтақавий алоқаларга қўшилишига ҳар томонлама кўмак бермоқда ҳамда ТАПИ, CASA-1000 каби лойиҳаларни қўллаб-қувватлаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Афғонистон учун ўта муҳим бўлган транспорт, энергетика, савдо ва таълим соҳаларидаги ташаббусларни амалга оширишни мақсад қилган.

Биринчидан, Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўлини қуриш. Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши 30 минг афғонистонликни иш билан таъминлайди ва Кобулга йилига $400-500 млн миқдорида фойда кўриш имконини беради.

“Мозори-Шарифдан Кобул орқали Пешоваргача бўлган йўл қуриш режаси ҳам мавжуд. Ушбу лойиҳани муҳокама қилиш мақсадида жорий йилнинг 3-4 декабр кунлари Тошкент шаҳрида Россия, Қозоғистон, Покистон, Афғонистон ва Ўзбекистон темир йўллари вакиллари иштирокида махсус ишчи учрашуви бўлиб ўтади. Ушбу йўл Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланаётган Евросиё ўзаро боғланганлик концепциясининг бир қисмига айланиши мумкин”, - дейилади ЎзР. ТИВ хабарида.

Иккинчидан, Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғини қуриш. Ушбу лойиҳа Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70%га ошириб йилига 6 млрд кВт/с гача етказади.

Мазкур тармоқ Кобулни Марказий Осиё ягона энергия тизимига улайди. Бундан ташқари Сурхон–Пули-Хумри электр узатиш тармоғи CASA-1000 лойиҳасининг ажралмас қисми бўлиши мумкин.

Учинчидан, афғон мутахассисларини тайёрлаш. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича Таълим маркази муваффақиятли фаолият юритиб келмоқда, унда 130 нафар афғонистонлик талаба ёшлар таълим олмоқда. Келгусида ўқувчилар сонини 250 нафаргача ошириш режалаштирилмоқда.

А. Камилов барчани Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш халқаро ёрдам жамғармасини яратиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.

Тўртинчидан, Афғонистон билан савдо-сотиқни рағбатлантириш. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термизда божхона терминалига эга “Термиз Cарго Cентре” халқаро логистика маркази яратилди. Ушбу марказ экспорт-импорт ва транзит юк ташиш ҳажмини оширишга кўмаклашиши кутилмоқда.

Махсус ташкил этилган “Термиз” эркин иқтисодий зонаси асосида Афғонистонда амалга ошириладиган лойиҳалар ва дастурлар учун зарур бўлган тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун саноат объектларини очиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Афғонистонга мунтазам равишда гуманитар ёрдам етказиб бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ёзида кузатилган кескин қурғоқчилик муносабати билан Афғонистонга 3 минг тоннадан зийод дон, озиқ-овқат ва кийим-кечак беғараз топширилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг топшириғига кўра, Афғонистон халқига 25 та автобус ва қишлоқ хўжалиги техникаси совға қилинди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги ойларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айланмаси 25%га ошиб, $600 дан кўпроқни ташкил этди. Шу ўринда яқин келажакда икки томонлама савдо айланмасини $1 млрдга етказиш режалаштирилмоқда.

 

Сурат манбаи: https://mfa.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: