“Deloitte” Ўзбекистонда миллий стандартларни ишлаб чиқиш билан қизиқмоқда
Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасида “Deloitte” компаниясининг Каспий минтақаси бўйича Аудит департаменти раҳбари Эндрю Жорж Уикс билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Учрашувда томонлар ўртасида Молиявий ҳисоботларнинг Халқаро стандартлари, корпоратив бошқарув ва бизнесни баҳолаш соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари, шунингдек, акционерлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди”, - деб таъкидланади муассаса хабарида.
Хусусан, “Deloitte” компанияси Халқаро молия корпорацияси ва Ўзбекистон Баҳоловчи ташкилотлар уюшмаси ҳамкорликдаги 6та янги миллий стандартларни ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Учрашув якунида томонлар бўлажак ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олдилар.
Эслатиб ўтамизки, Deloitte Touche Tohmatsu Limited – консалтинг ва аудит соҳасида хизматлар кўрсатувчи халқаро компаниялар тармоғидир. Аудиторлик компанияларининг “катта тўртлиги”га киради ва ҳодимлар сони бўйича (244,4 минг киши) дунёда соҳадаги энг йирик ширкат. Deloitteнинг минтақавий идораси Ўзбекистонда 2002 йилда очилган бўлиб, у давлат ташкилотлари ва йирик бизнес учун кенг турдаги аудиторлик хизматлари кўрсатади.