“Делойт” Ўзбекистонга АКТ ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда ёрдам беради

Дата: 17:14, 25-01-2018.

Тошкент. 25 январ. ЎзТАГ – “Делойт” Ўзбекистонга ахборот коммуникация технологияларини (АКТ) ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Вазирликда “Делойт” консалтинг компаниясининг Қозоғистондаги департаменти раҳбари Кристофер Армитаж, Каспий минтақасидаги “рақамли стратегия”ни ишлаб чиқишга масъул “Делойт” МДҲ консалтинга департаментининг ҳамкори иштирокида учрашув бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.

Учрашувда “Делойт” компанияси билан бу йўналишда ҳамкорлик қилиш ва соҳани халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, АКТни узоқ муддатга мўлжалланган мақсадли ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хабарга кўра, мазкур концепцияда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, “электрон ҳукумат”ни жорий қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, соҳада инновацияларни татбиқ этиш, почта, логистика ҳамда электрон тижорат каби йўналишларда замонавий хизматларни жорий қилиш, шунингдек, таълим, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашнинг илғор усулларини илгари суриш каби мақсадлар кўзда тутилган бўлиши лозим.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 декабрдаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича давлат дастурини шакллантириш ва молиялаштиришга оид янги тартиб тўғрисидаги қарорида вазирлик зиммасига ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепциясини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган эди.  

Сурат манбаи: https://www.rte.ie/news/2015/0828/724067-new-jobs/

Янгилик билан ўртоқлашиш: