Demir Holding Ўзбекистонга қайтмоқда

Дата: 18:58, 12-06-2017.

Тошкент. 12 июн. ЎзТАГ – Demir Holding турк корхонаси Ўзбекистонга қайтмоқда, деб хабар беради centralasian.org.

“Кўп йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистондан 2000-йиллар бошида қувилган Demir супермаркетларининг эгаси Ахмат Демир Ўзбекистонга қайтмоқда. Икки тараф музокараларидан хабардор бўлган манбанинг маълумотига кўра, Demir Holding ва расмий Тошкент орасидаги келишмовчиликка президент Шавкат Мирзиёевнинг аралашувидан кейин чек қўйилган”, - дейилади душанба кунги мақолади.

Тошкентда ўз идорасини очишга тайёргарлик кўраётган А.Демир Туркия ташқи ишлар вазири Мевлюд Човушоғлига унинг Тошкентга 25-27 апрелдаги расмий ташрифи доирасида ҳамроҳлик қилган.

Мустақил Ўзбекистондаги илк турк корхоналаридан бири бўлган Demir Holdingинг мамлакатдаги идораси 1992 йилда очилган эди. Шундан сўнг компания савдо бизнесини кенгайтириб, ​текстиль, қурилиш ва туризм билан шуғулланди. Турк матбуоти маълумотларига кўра, Demir Ўзбекистонда 7 минг кишини иш билан таъминлаган йирик холдингга айланган.

Кейинчалик Demir супермаркетлари тармоғи қатор текширувлардан сўнг Mir Store деб қайта номланди ва 2010 йилда ёпилди, А.Демир эса мамлакатни тарк этди. Унинг мулки тортиб олиниб, сотиб юборилди. Ҳозирда қатор кўчмас мулк объектларининг унга қайтарилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: