Денис Истомин Australian Open 2017да сенсацион ғалаба қозонди

Дата: 14:51, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин Australian Open 2017 турнирида мусобақанинг асосий фаворитларидан бири бўлган серб Новак Жокович устидан сенсацион ғалаба қозонди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) турнирнинг иккинчи доираси учрашувдан кейин.

Денис Истомин Новак Жоковични 7:6, 5:7, 2:6, 7:6, 6:4 ҳисобига мағлубиятга учратди. Учрашув 4 соат 49 дақиқа давом этди.

Бугунда 30 ёшли ўзбек теннисчиси профессионал теннисчилар (ATP) рейтингида 117-ўринда. Серб теннисчиси эса дунёда 2-поғонада.

“Мен бундай ўйинчилар билан ўйнай ва ғалаба қозона оламан”, - деди ғолиб австралия ОАВ берган интервьюсида.

Қайд этиш зарурки, Жокович Катта дубулға турнирларида илк марта жаҳон рейтингининг биринчи 100талигига кирмайдиган ўйинчига мағлуб бўлди.

Шундай қилиб, Ўзбекистонлик теннисчи Australian Openнинг учинчи доирасига чиқди. Энди у испаниялик Пабло Каррено билан ўйнайди. У британ Кайл Эдманд устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қилган.

Эслатиб ўтамизки, теннис бўйича Австралиянинг очиқ чемпионати (Australian Open Tennis Championships) – Катта дубулға туркумига кирувчи тўрт турнирдан биридир. У Мельбурн шаҳрида маҳаллий “Мельбурн Парк” мажмуи кортларида ўтказилади. Икки ҳафта давом этувчи мусобақада катталар ўртасида беш тоифада, катта юниорлар ўртасида тўрт тоифада ғолиблар аниқланади.

Australian Open-2017нинг соврин жамғармаси 50 млн австралия долларига ($36,2 млн) тенг. Эркаклар ва аёллар ўртасида ғолиблар $2,68 млндан оладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: