Денис Истомин Бостаддаги АТР турнирида Николас Альмагрони енгди ва энди Бенуа Пэр билан беллашади

Дата: 12:34, 24-07-2015.

Тошкент. 24 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин Бостаддаги (Швеция) тупроқли кортлардаги АТР турнирида Николас Альмагрони енгди ва энди чоракфиналда Бенуа Пэр билан беллашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Кеча хабар қилганимиз каби, Альмагро билан баҳсда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси рақибини қийинчиликларсиз 6:3, 6:3 ҳисобларида мағлуб қилди.

Ўз навбатида, француз Бенуа Пэр турнир етачиларидан бири бўлган бельгиялик рақиби Давид Гоффенни осонлик билан (6:2, 6:3) енгди.

Бугунги кунда Бенуа Пэр жаҳоннинг 62-ракеткаси, Денис Истомин эса 73-ўринда. Рақиблар бир марта учрашганлар. Бу 2015 йил апрелда Истамбулдаги тупроқли турнирдаги учрашув бўлиб, унда ўзбек теннисчиси 2:0 (6:3, 6:4) ҳисобида ғалаба қилган.

Эслатиб ўтамизки, Швеция очиқ чемпионати – июлда Бостадда бўлиб ўтадиган профессионал теннис турнири. У эркаклар ва аёллар ўртасида алоҳида ўтказилади. 2009 йилдан бери эркаклар учун ATP 250 ва аёллар учун WTA International мусобақалари сирасига киради. Эркаклар турнири яккаликда 28 иштирокчи ва 16 жуфтликка, аёллар учун эса 32 қатнашчи ва 16 жуфтга мўлжалланган. Турнирнинг соврин жамғармаси эркакларда 426 минг евро ва аёлларда $250 мингга тенг.

Янгилик билан ўртоқлашиш: