Денис Истомин Дубайдаги ATP турнири чоракфиналига чиқа олмади

Дата: 15:14, 26-02-2015.

Тошкент. 26 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Дубайдаги (БАА) соврин жамғармаси $2,504 млн. бўлган ATP Dubai Duty Free Tennis Championships турнири чоракфиналига чиқа олмади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Турнирнинг иккинчи доирасида жаҳон рейтингида 65-ўринни эгаллаб турган 28-ёшли ўзбек теннисчиси украиналик дунё рейтингида 53-ўринда бўлган Сергей Стаховскийга уч сетда 4:6, 6:3, 4:6 ҳисобларида ўйинни бой берди.

1 соат 42 дақиқа давом этган ўйин давомида Истомин 7 эйс узатиб, 2 иккилик хатога йўл қўйди ва 6 брейк-пойнтдан 2тасини амалга оширди, Украина вакили ҳисобида эса 8 эйс, икки иккилик хато ва 3 брейк мавжуд.

Қайд этиш зарурки, ғалаба туфайли украин теннисчиси ўзбекистонлик спортчи билан шахсий учрашувлардаги ҳисобини тенглаштирди (4:4).

Энди чоракфиналда Стаховский чех Томаш Бердих билан беллашади. Ушбу теннисчи турнир иккинчи доирасида итальян Симоне Болелли устидан 7:6, 5:7, 6:0 ҳисобларида ғалаба қозонган.

Маълумот ўрнида, Дубайдаги Dubai Duty Free Tennis Championships теннис турнири 23 февралда бошланган бўлиб 28 февралга қадар давом этади. Мусобақа қаттиқ қопламали очиқ кортларда ўтмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: