Денис Истомин Гштааддаги АТР турнирининг биринчи раундида жаҳоннинг 139-ракеткаси билан учрашади

Дата: 15:17, 20-07-2016.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Гштааддаги (Швейцария) АТР турнирининг биринчи раундида жаҳоннинг 139-ракеткаси босниялик Мирза Башич билан беллашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мавсумни муваффақиятсиз бошлаган Денис бугунда Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) рейтингида 97-поғонасини эгаллаб турибди.

МДҲ мамлакатларидан турнирда россиялик Константин Кравчук ва Михаил Южныйлар қатнашмоқдалар.

Агар Истомин Башични енгса, иккинчи раундда у Южный билан беллашади. Россиялик теннисчи биринчи учрашувини швейцар Йохан Никлеасга қарши ўтказиб уни  6:3, 6;2 ҳисобида якунлади.

Мусобақа етакчилари орасида испан Фелисиано Лопес (жаҳоннинг 21-ракеткаси) ва француз Жиль Симонлар бор (жаҳоннинг 30-ракеткаси).

Қизиғи, жорий йилда турнирга ўтган йилги финалчилар австриялик Доминик Тим ва бельгиялик Давид Гоффенлар ташриф буюришмади. 2015 йилда австриялик спортчи бельгиялик рақибини 7:5, 6:2 тарзида енгиб, турнир ғолиби бўлган эди.

Маълумот ўрнида, Suisse Open Gstaad – ёз ўртасида Гштаадда (Швейцария) ўтказиладиган эркаклар профессионал теннис турниридир. Мусобақа маҳаллий Roy Emerson Arena мажмуининг тупроқли кортларида ўтказилади. 2009 йилдан бери соврин жамғармаси 494 минг евро бўлган турнир ATP 250 сериясига киради. Турнирда яккаликда 28 иштирокчи ва 16 жуфтлик қатнашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: