Денис Истомин Мадриддаги Мастерс турнирининг биринчи раундида дунёнинг 57-ракеткасини енгди
Тошкент. 3 май. ЎзТАГ – Кеча, 2 майда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Мадриддаги Мастерс турнирининг биринчи раундида дунёнинг 57-ракеткаси россиялик Теймураз Габашвилини енгди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ҳозирда Денис Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) рейтингида 79-поғонада.
Муксобақаларнинг иккинчи раундида Истоминга қийин бўлиши мумкин. Эртага у дунёнинг 8-ракеткаси чех Томаш Бердихга қарши майдонга тушади. Агар омад Денисга кулиб боқса, у учинчи раундда жаҳоннинг 9-ракеткаси испан Давид Феррер билан беллашади. Агар мўъжиза юз бериб, кейинги босқига ҳам ўтса, сайёранинг 2-ракеткаси британиялик Энди Маррейга қарши чиқади...
Аслида, бундай рақибларга дуч келишига Истоминнинг ўзи сабабчи. Чунки йил бошидан бери у 5 баравар кўп мағлубиятга учрамоқда. Шу сабабли ҳам рейтингда пастлаб, бўлажак турнирларда кучли рақибларга дуч келмоқда.
Кўпчилик, жадвалнинг қуйи қисмида Маррейнинг бўлиши, жадвал юқорисида жаҳоннинг 1-ракеткаси Новак Жоковичанинг бўлишини кўзда тутишини тушуниб етган бўлса керак.
Аслида ҳам шундай!
Биз эса Денисга фақат ва фақат омад тилаймиз.
Эслатиб зтамизки, Mutua Madrid Open – Мадридда (Испания) маҳаллий Caja Mágica тупроқли кортларида ўтказиладиган профессионал теннис турнири. Эркаклар турнири 2009 йилдан ATP Masters 1000 сериясига кириб, соврин жамғармаси 4,1 млн евро. Мусобақада яккаликда 48 иштирокчи ва 24 жуфтлик қатнашади.


