Денис Истомин Майамидаги ATP Masters 1000 турнирида иккинчи доирага чиқди ва энди жаҳоннинг иккинчи ракеткасига қарши майдонга тушади
Тошкент. 25 март. ЎзТАГ – Ўзбекистонннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Майамидаги (АҚШ) ATP Masters 1000 турнирида иккинчи доирага чиқди ва энди жаҳоннинг иккинчи ракеткаси Энди Маррейга қарши кортга тушади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида кеча ўзбек теннисчиси (4:6, 7:5, 7:5) хорват Борна Чорични қийинчилик билан енгганидан сўнг маълум бўлди. Маълумки, хорват АТР рейтингида Денисдан 30 поғона юқорида (навбати билан 76- ва 46-).
Энди теннисчиларнинг шахсий учрашувларида ўзгариш юз берди. Агар хорват жорий йилнинг 16 февралидаги АТР турнири (Марсел) биринчи раундида рақибини 6:4, 7:5 ҳисобида енгган бўлса, энди ATP Masters 1000нинг биринчи доирасида Денис ғалаба нашидасини сурди.
Таъкидлаш зарурки, турнирда жаҳоннинг биринчи ва иккинчи ракеткалари Новак Жокович ва Энди Маррейлар ҳам қатнашмоқда. Кейинги раундда Истомин айнан Маррейга қарши кортга чиқади.
Эслатиб ўтамизки, Miami Masters Ки-Бискейнда (Майами, АҚШ) ўтказиладиган профессионал теннис турнири бўлиб, маҳаллий Tennis Center at Crandon Park қаттиқ қопламали кортларида март ойида ўтказилади. 2009 йилдан бери соврин жамғармаси $5,3 млнлик эркаклар турнири ATP Masters 1000 сериясига киради. Унда 96 иштирокчи яккаликда ва 32 жуфтлик иштирок этади.