Денис Истомин Майамидаги ATP Masters 1000 турнирининг иккинчи раундида Энди Маррейга ютқазди

Дата: 11:56, 28-03-2016.

Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Куни кеча – 27 мартда Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Майамидаги (АҚШ) ATP Masters 1000 турнирининг иккинчи раундида дунёнинг иккинчи рақамли теннисчиси Энди Маррейга 3:6, 5:7 ҳисобида ютқазди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўйиндан кейинроқ Маррей Профессионал теннисчилар уюшмаси (АТР) матбуот хизматига берган интервьюсида “кўпинча қийин вазиятларда қолгани” ҳақида айтиб ўтди. “Аммо вазиятни ўз фойдамга ўнглашга муваффақ бўлдим. Тўпни яхши узатдим деб ўйлайман. Хужум учун жойларни яхшироқ танлашим ҳам мумкин эди”, - деб давом этди Энди.

Эндиликда британиялик Денис билан шахсий учрашувларда 3:0 ҳисобида олдинда бормоқда.

Турнирнинг бошқа бир етакчиси – дунёнинг биринчи ракеткаси серб Новак Жокович 6:3, 6:3 ҳисобида австралиялик Кайл Эдмандни осонлик билан енгди. Сўнгра жаҳоннинг энг кучли теннисчиси учинчи раундда португалиялик Жоау Соузони ҳам енгишга улгурди (6:4, 6:1).

Энди Маррей эса учинчи раундда дунёнинг 28- ракеткаси Григор Димитровга қарши тушади.

Эслатиб ўтамизки, Miami Masters Ки-Бискейнда (Майами, АҚШ) ўтказиладиган профессионал теннис турнири бўлиб, маҳаллий Tennis Center at Crandon Park қаттиқ қопламали кортларида март ойида ўтказилади. 2009 йилдан бери соврин жамғармаси $5,3 млнлик эркаклар турнири ATP Masters 1000 сериясига киради. Унда 96 иштирокчи яккаликда ва 32 жуфтлик иштирок этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: