Денис Истомин Роттердамдаги ATP теннис турнири иккинчи доирасига чиқа олмади

Дата: 15:05, 12-02-2015.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Роттердамдаги (Голландия) ATP ABN AMRO World Tennis Tournament теннис турнири иккинчи доирасига чиқа олмади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биринчи доирада Истомин Испаниялик теннисчи Гильермо Гарсия-Лопесга 7:6, 6:4 ҳисобларида ютқазди.

2 соат 4 дақиқа давом этган бутун ўйин давомида испан спортчи 6 эйс, 4 брейк натижа кўрсатиб, 4 жуфт хатога йўл қўйди. Ўзбек теннисчиси эса 7 эйс, 3 брейкка эришиб, тўп узатишда бир хатога йўл қўйди.

Иккинчи доирада Гильермо Гарсия-Лопес швейцар Стэн Вавринка билан учрашади. Ушбу теннисчи бундан олдин корт мезбони Жесс Хут Галунгни 1 соат 38 дақиқада 6:3, 3:6, 6:3 ҳисобларида енгган эди.

ABN AMRO World Tennis Tournament (илгари – Rotterdam Indoors) – халқаро эркаклар теннис турнири бўлиб, Роттердамда 1972 йилдан бери ёпиқ қаттиқ қопламали кортларда ўтказилиб келинади (2000 йилга қадар гиламли кортларда ўтказилади). 2009 йилдан бери турнир ATP 500 тоифасига киради. Турнирнинг соврин жамғармаси 1,36 млн евродан юқори. Мусобақада 32 яккалик иштирокчи ва 16 жуфтлик қатнашади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: