Депутатлар Шавкат Мирзиёевнинг ШҲТ ва ОҲИЧК саммитларида илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватладилар
Тошкент. 20 июнь. ЎзТАГ – Депутатлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) давлат раҳбарлари Кенгаши саммитларида ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашларда (ОҲИЧК) илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватладилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"19 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис кун тартибига мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётига доир муҳим масалалар киритилди. (...) Мажлисда депутатлар ва сиёсий партиялар фракциялари аъзолари президентнинг Бишкек ва Душанбе саммитларидаги нутқларини, шунингдек, улар илгари сурган ғоя ва ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватладилар", - дейилади Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, президент томонидан "ШҲТни ривожлантириш концепсияси"ни ишлаб чиқиш борасида илгари сурилган ғоя, айниқса, эътиборда бўлди. Хусусан, ШҲТ доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бешта устувор мезонига, асосий йўналишларига таянган ҳолда, бугунги кунда ШҲТга аъзо давлатлар учун хавфсизликни таъминлашда келишилган сиёсатни юритиш, бошқа томондан, давлатларимизнинг барқарор ривожланиши ва равнақи учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
Шунингдек, депутатлар ОҲИЧК саммитида илгари сурилган президентнинг муҳим ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватладилар. Парламент вакиллари давлатимиз раҳбари томонидан илм-фан ва таълим, маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликнинг мувофиқлаштирувчиси бўлишга тайёрлиги, динлараро тотувликни мустаҳкамлаш, маърифат ва маданиятларни ўзаро бойитиш масалалари бўйича тизимли мулоқотни йўлга қўйиш таклифини юксак баҳолади.
Ушбу чиқишлардан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди. Депутатлар жойларда сайловчилар билан учрашувларда президент ташаббусларининг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишга қарор қилдилар.
Эслатиб ўтамиз, ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг 19-мажлиси 13-14 июнь кунлари Бишкекда (Қирғизистон), ОҲИЧКнинг бешинчи саммити эса 14-15 июнь кунлари Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтди.
Сурат манбаи: ria.ru