Деярли ҳар тўртинчи ўзбекистонлик ҳар куни спорт билан шуғулланади

Дата: 16:27, 07-01-2015.

Тошкент. 7 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон аҳолисининг деярли ҳар тўртинчиси  (23,4%) кунига машқ қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ)  “Ижтимоий фикр” Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровга асосланган ҳолда.

“Болалар спорти: фикрлар, омиллар, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” мавзусидаги ижтимоий сўров натижалари ЎзА Ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган.

Сўровда иштирок этганларнинг 60,6% спорт билан мунтазам шуғулланса, 23,4% ҳар куни спорт машғулотларига қатнайди. Аҳолининг аксарияти спортнинг футбол, яккакурашлар, енгил атлетика, гимнастика, теннис, оғир атлетика, сузиш, ўқ отиш каби турлари билан шуғулланмоқда.

Сўровда аниқланишича, иштирокчиларнинг 96,7% мамлакатда спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароитлар яратилган, деб ҳисоблайди.

Сўров қатнашчиларининг фикрига кўра, болаларни ёшликдан спортга жалб қилиш уларнинг саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонади. Бундан ташқари, спортга қизиқувчи болалар, респондентларнинг фикрича, ўқишда ҳам фаол бўлади. Сўров иштирокчилари таъкидлашича, спорт билан шуғулланиш ёш авлодни зарарли иллатлар ва салбий таъсирлардан сақланишига ёрдам беради.

Сўров иштирокчиларининг мутлақ кўпчилиги (95,1%) Ўзбекистонда болалар спорти оммалашгани ва бунда “Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси”нинг катта ҳиссаси борлигини қайд этганлар.

Шунингдек, сўралганларнинг 98,7% Президент Ислом Каримовнинг болалар спортини ҳар томонлама ривожлантиришга доир ташаббуслари ва бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: