“Дори-Дармон” компанияси биринчи чоракда қиймати 108,4 млрд сўмлик тиббий дори воситалари сотди

Дата: 09:58, 02-06-2015.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – “Дори-Дармон” акционерлик компанияси биринчи чоракда қиймати 108,4 млрд сўмлик тиббий дори воситалари сотди. Ушбу маълумотлар компания томонидан 1 июн куни Тошкентда уюштирилган матбуот анжумани доирасида келтирилди, деб хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Матбуот анжуманида хабар қилинишича, ушбу кўрсаткич йилдан йилга ўсиб келмоқда. Агар 2013 йил якунлари бўйича улгуржи сотувлар ҳажми 329,5 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2014 йилда унинг миқдори 367,8 млрд сўмга етди.

Эслатиб ўтамизки, “Дори-Дармон” АК Ўзбекистон Соғликни-сақлаш вазирлигининг даволаш-профилактика муассасаларига дори воситалари етказиб берувчи асос ширкат ҳисобланади. Ҳозирда компанияда 3,9 мингдан ошиқ киши ишлайди. АК таркибида 8 акционерлик жамияти ва шўъба корхонаси мавжуд. Улар таркибида 17 улгуржи омборлар, 15 назорат-таҳлилий лаборатория, 1,328 минг дорихона муассаси мавжуд бўлиб, улардан 76% зиёди қишлоқларда жойлашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: