“Дори-Дармон” ўзбек улгуржи фармкомпаниясининг товар айланмаси 8,3% ўсди

Дата: 17:29, 03-07-2017.

Тошкент. 3 июл. ЎзТАГ – I ярим йилликда “Дори-Дармон” ўзбек улгуржи-чакана фармацевтика компаниясининг умумий товар айланмаси 437,1 млрд сўмни ташкил этиб, бу 2016 йилнинг муқобил давридагидан 8,3% зиёддир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ширкат маълумотига кўра, улгуржи савдо 308,4 млрд сўмни (+8%), чакана савдо 128,7 млрд сўмни (+9%) ташкил этди.

Компания тизимидаги дорихоналарда тайёрланадиган экстемпорал дори воситаларининг ҳажмини 86 млн сўмни, соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларига реализация қилинган дори воситалари ва тиббий буюмларнинг ҳажми 36,6 млрд сўмни ташкил этди. Дори воситалари билан имтиёзли таъминланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари рўйхати тасдиқланган тоифаларга кирувчи беморларга компания тизимидаги дорихоналардан 3,83 млрд сўмлик дори-дармонлар етказиб берилган.

Ҳозирда “Дори-дармон” акционерлик компаниясида 4,3 мингдан ортиқ ходимлар ишламоқда. 2017 йилнинг I ярим йиллигида жами 67 та янги иш ўринлари яратилган.

Компания Соғлиқни сақлаш вазирлигининг даволаш – профилактика муассасаларини ижтимоий касалликларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари билан таъминлаш бўйича тендер шартномаларининг ижрочиси ҳисобланади. Бу йўналишда 12,56 млрд сўмлик ҳаётий зарур дори воситалари республикамизнинг барча ҳудудларига етказиб берилди.

Ўтказилган тендер савдоларида 189 та номдаги дори воситалари қўйилган бўлиб, натижаларига кўра Компания ва тизимдаги 3 та жамият 142 та савдо номдаги дори воситалари бўйича ғолиб деб топилди. Ҳозирда 142 савдо номдаги дори воситалардан 100 та номдаги дори воситалари, умумий қиймати $12,44 млнга тенг. Компания тизими томонидан тузилган импорт шартномалари асосида республикамизга келтирилди. Шундан, умумий қиймати $11,93 млнлик 92 номдаги дори воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилиб, даволаш-профилактика муссасаларига ва дорихоналар орқали сотувга чиқарилди. Қолган умумий қиймати $19,55 млнга тенг 42 номдаги дори воситалар жорий йилнинг сентябр ойи охирига қадар республикага келтирилиши кутилмоқда.

Ҳозирда “Дори-Дармон” АЖ таркибида 8 та аксиядорлик ва 12 та масъулияти чекланган жамиятлар, 17 та дорилар омборхонаси, 15 та назорат-таҳлил лабораторияси ҳамда республиканинг барча ҳудудларида жами 1,4 мингдан ортиқ дорихона муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, компания таркибидаги дорихона муассасаларининг 76 фоиздан ортиғи (1079 таси) қишлоқларда жойлашган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: