Дубайда Ўзбекистоннинг янги бош консули тайинланди

Дата: 11:34, 22-01-2019.

Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – Дубай шаҳрида (БАА) Ўзбекистоннинг янги бош консули тайинланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Алишер Саломов Ўзбекистон Республикасининг Дубай шаҳридаги (Бирлашган Араб Амирликлари) Бош консули этиб тайинланди”, - дейилади мамлакат ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консули вазифасини Мансурбек Қиличев бажариб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 25 октябрда ўрнатилди. Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консулхонаси 1992 йилдан, республиканинг Абу-Дабидаги элчихонаси – 2007 йилдан фаолият юрита бошлаган.

Ўзбекистон билан Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги йиллик товар айланмаси қарийб $100 млнни ташкил этади. Ўзбекистон асосан пахта толаси, ипак, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва хизматларини экспорт қилади, импорт эса механик ва электр жиҳозлари, кофе, чой, мебель, автомобиллар, озиқ-овқат, кийим-кечак ва спорт анжомларидан иборат.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда БАА инвестициялари иштирокида тузилган 90 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.

Сурат манбаи: https://kapital.kz

Янгилик билан ўртоқлашиш: