Дунёдаги пахта ишлаб чиқарувчилар пахта нархларининг барқарор эмаслигидан хавотирдалар
Тошкент. 21 ноябр. ЎзТАГ – Дунёдаги пахта ишлаб чиқарувчилар пахта нархларининг барқарор эмаслигидан хавотирдалар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Пахта бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг (ПХМҚ) Салоники шаҳрида бўлиб ўтган (Греция) “Ердан тайёр маҳсулотга қадар: пахта қиймати занжирини мустаҳкамлаш” номли 73-йиғилишида эълон қилинди. Тадбирда 401 делегат, шу жумладан, “Ўзпахтасаноат” ассоциацияси делегацияси ҳам қатнашди.
“Қўмита қошида тузилган Хусусий тармоққа маслаҳат бериш гуруҳи пахта нархлари барқарорлигига таъсир қилувчи омилларга доир батафсил мунозаралар ўтказди. Кейинги йилларда пахта нархларида кузатилаётган юқори ноқарорлик пахтанинг рақобатчи толалар билан рақобат қилиш имкониятларига зарар етказди. ПХМҚ Котибияти юқоридаги муаммони тадқиқ қилишни давом эттириши ва ушбу масалалар юзасидан таҳлилий маълумотларни бериб бориши таклиф қилинди”, – дейилади йиғилишнинг якуний баёнотида.
Шунингдек, 2014-2015 йилларда дунёда пахта истеъмоли пахта ишлаб чиқариш ҳажмидан ортда қолиши, заҳиралар эса рекорд миқдорга етиши мумкинлиги қайд этилди. Ушбу тенденция 5-йил давом этмоқда.
Эслатиб ўтамизки, ПХМҚ пахта ишлаб чиқарувчилар, уни истеъмол қилувчилар ёки пахта билан савдо қилувчи ҳукуматлар ассоциациясидир. Ташкилот 1939 йилда таъсис қилинган.