Душанбе Тошкентга минтақада футболни биргаликда ривожлантиришни таклиф қилди
Тошкент. 5 декабрь. ЎзТАГ – Душанбе (Тожикистон) Тошкентга минтақада футболни биргаликда ривожлантиришни таклиф қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Пойтахт маъмурияти маълумоларига кўра, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали раҳбарлигидаги делегация Тошкентдаги “Миллий” стадионига ташриф буюрди.
Қайд этилганидек, меҳмонлар "Футбол тарихи" музейининг экспонатларини томоша қилдилар ва машҳур Ўзбекистон ҳаками Равшан Эрматов билан учрашдилар. Музейни кўздан кечирар экан, Р.Эмомали "Пахтакор" жамоаси фахрий футболчиси тожикистонлик Нуриддин Амриевнинг фотосуратлари билан ҳам танишди.
"Р.Эмомали минтақада футболни янада ривожлантириш ва Марказий Осиё (МО) давлатлари футбол жамоалари ўртасидаги учрашувларни ташкил этишга умид билдирди", - дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Душанбе раисига 7 рақами остидаги футболка ва Р.Эрматовнинг имзоси билан иккита карточка (сариқ ва қизил) берилди.
Эслатиб ўтамиз, Р.Эмомали расмий ташриф билан 3 декабрь куни Тошкентга келган. Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашувда Тошкент шаҳри ва Душанбе ижроия қўмитаси ўртасида 2020-2021 йилларда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги тадбирлар режасини амалга оширишга қаратилган битим имзоланди.
Шунингдек, Р.Эмомали Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Душанбе ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди.
Сурат манбаи: tashkent.uz


